Агар одам ҳар йили бир вақтнинг ўзида дарахтлар ва ўтларнинг гуллаш даври бошланиши билан мунтазам равишда акса уришни, кўзлари ёшланишни, бурун оқишни бошлайди ва шу сабабли ўзи билан бирга бир нечта рўмолчалар олиб юришига тўғри келади. Бундай ҳолатда одам ўзида поллиноз – ўсимлик гулчанглари таъсиридаги аллергия мавжудлигини тахмин қилиши учун барча сабабларга эга.
Ҳозирги вақтда катталар ва ёш болалардаги поллиноз – бу шаҳар аҳолиси орасида энг кенг тарқалган аллергик касаллик ҳисобланади. Шу билан бирга бу касаллик йилдан-йилга ошиб бормоқда.
Ушбу турдаги аллергиянинг пайдо бўлишига сабаб нима? Поллиноз – (“баҳорги аллергия”) – бу шиллиқ қаватларнинг (асосан бурун ва кўз шиллиқ қаватлари) аллергик касаллиги бўлиб, у дарахтлар, ўтлар, буталар ва қўзиқорин спораларининг гулчанг аллергенларига сезгирликнинг ошиши натижасида юзага келади. Поллиноз лотинча “поллен” – “гулчанг” сўзидан олинган. Атрофимиздаги ҳавода мавжуд бўлган гулчанглар бурун, кўз ва оғизнинг шиллиқ пардаларида жойлашади, бронхларга тушади, тери билан алоқага киришади ва гулчангларга сезувчанлиги бор кишиларда иммунитет тизимининг ноадекват реакцияси содир бўлади ва аллергия белгилари юзага келади. Поллиноз кенг тарқалган касаллик бўлиб, аҳолининг 7% дан 22% гача бўлган қисмини қамраб олади. Сўнгги пайтларда поллинознинг “ёшариши” кузатилмоқда. Ҳатто мактабгача ёшдаги болалар ҳам у билан касаллана бошладилар.
Қайси ўсимлик гулчанглари аллергияга чақиради?
Қоида тариқасида, поллиноз шамол билан чангланадиган ўсимликларнинг гулчангларидан келиб чиқади, чунки булар тахминан 0,02-0,04 мм ўлчамдаги жуда кичик зарралар бўлиб, шамол уларнинг нафас олиш йўлларига кириб боришини осонлаштиради. Аллергик хусусиятларга эга бўлган гулчангли ўсимликларнинг учта асосий гуллаш даври мавжуд.
Ўсимликлар гуруҳи | Гуллаш даври | Гуруҳга кирувчилар |
Дарахтлар | апрель-май | қайин, ольха, эман, терак, ёнғоқ |
Бошоқли ўсимликлар, яйлов ўтлари | июнь-июль | жавдар, буғдой, сули, арпа, буғдойиқ, ажриқбош |
Бегона ўтлар | июль-сентябрь | амброзия, шувоқ, олабута |
Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида поллиноз касаллигининг тарқалиш кўлами бўйича қандайдир фарқ борми?
Ҳа, бундай фарқлар мавжуд. Поллиноз касаллигининг тарқалиш кўламига антропоген омиллар, яъни ҳаво, сув, тупроқнинг кимёвий моддалар билан ифлосланиши таъсир кўрсатади. Масалан, йирик саноат ҳудудларида атроф-муҳитнинг ифлосланиши ўсимликларнинг гуллаш вақтини узайтиради, гулчангларнинг аллергия чақирувчилик хусусиятини ошириб, уларнинг антиген тузилишини ўзгаришига олиб келади. Аммиак, хлор, фтор, сульфитлар, нитратлар, дизел ёнилғи маҳсулотлари, кўплаб автомобиллар шиналаридан ажралиб чиқадиган резина чанг (резина зарралар) каби саноат чиқиндилари поллиноз билан касалланишнинг кучайишига олиб келади. Ифлосланган гулчанглар янада хавфлироқ ҳисобланиб поллиноз билан касалланишга сабаб бўлиш эҳтимоли юқори эканлиги исботланган. Бундан ташқари, поллиноз касаллигининг тарқалиш кўламига Ўзбекистоннинг турли минтақаларидаги ўсимликларнинг ҳар хил табиати ҳам таъсир қилади. Барчага таниш бўлган амброзия номли бегона ўтнинг гулчанги кучли аллергия чақирувчи ҳисобланади. Амброзиянинг гуллаш даври июл ойининг охирида – август ойининг бошида бошланади ва октябргача давом этади. Сўнгги ўн йилликларда Ўзбекистонда амброзиянинг тарқалиши экологик портлаш характерига эга бўлди, шу муносабат билан бу ҳодиса “амброзия ўлати” деб номланди. Бугунги кунда амброзия Ўзбекистоннинг 21 та ҳудудларида ўсади. Зарарланишнинг умумий майдони, консерватив ҳисоб-китобларга кўра, 1 миллион гектардан ортиқ. Қизиқ жиҳати шундаки, амброзия қишлоқ хўжалик экинлари орасида нафақат бегона ўт сифатида балки техноген саноат районларида ҳам кенг тарқалган. Яъни, нафақат деярли барча йўллар бўйларида, балки заҳарли шлакли чиқиндилар, металлургия заводлари, кўмир конларининг чиқинди уюмлари ҳудудларида ҳам учрайди. Сўнгги пайтларда амброзия табиий экологик жойларда: дашт ён бағирларида, Азов денгизининг қумли паст тепаликлари бўйлаб, аҳоли пунктларида ва ҳатто қўриқхоналарда ҳам тарқалди.
Гул чанглари таъсиридаги аллергиянинг қандай белгилари мавжуд:
Ушбу турдаги аллергиянинг ўзига хос хусусияти шундаки, унинг белгилари ҳар йили деярли бир вақтнинг ўзида пайдо бўлади. Унинг белгилари эса қуйидагича:
- Бурун битиши, бурундан кўп миқдорда сув оқиши;
- Акса уришлар, бурун қичиши;
- Кўзларнинг қичиши ва қизариши ва ёшланиши;
- Тил ва танглайнинг қичиши;
- Нафас олишда қийинчилик (нафас қисилиши ёки бўғилиш);
- Кўкрак қафасидаги ҳуштаксимон хириллашлар, қуруқ йўтал.
Поллинозни даволаш керакми ёки гуллаш даврининг ўтиб кетишини “кутиш” мумкинми?
Поллинозни даволаш зарур! Бу хавфли касаллик бўлиб, чунки биринчи навбатда даволанмаган поллиноз ривожлана боради. Баҳорги ёки айниқса, кузги касаллик (яъни, бирор бир ўсимликлар гуруҳининг чангланиши билан боғлиқ) сифатида бошланган поллиноз аста-секин баҳор-ёз-куз касаллигига айланиб бормоқда, яъни энди бемор деярли ярим йил давомида ушбу касаллик билан азоб чекади. Гул чангларига нисбатан аллергия аллергик крапивница (эшак еми), Квинке шиши, бурун полипози каби касалликларнинг сабабига айланиши мумкин. Поллинозга чалинган беморларнинг 30-40 фоизида нафас қисиш хуружлари пайдо бўлмоқда, яъни амалда у бронхиал астма билан касалланган беморга айланади. Поллинозни кўп ҳолларда шамоллаш билан адаштиришади, бу эса баъзан беморларнинг профессионал тиббий ёрдамга мурожаат қилишларини кўп йилларга кечиктиради. Шунинг учун, узоқ вақт давомида бурун битиши ёки бурун оқиши, кўзнинг тушунарсиз равишда қичиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келган ҳар бир киши бу ҳолатга ечимни дорихоналардан эмас, балки шифокорга мурожаат қилиб топишлари керак. Айниқса, поллиноз даврида қон томирларини торайтирувчи бурун томчиларидан ҳаддан ортиқ фойдаланмаслик керак, чунки уларни назоратсиз равишда қабул қилиш бурун шиллиқ қаватининг сезиларли даражада қалинлашишига олиб келади. Бунинг натижасида эса томчиларга қарамлик сўнгра доимий бурун битиши юзага келади.
Катталар ва ёш болалардаги аллергияни қандай даволанади? Поллиноз аломатлари юзага келганда нима қилиш керак?
Албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак. Фақат шифокор керакли текширувни тайинлайди, тўғри ташхис қўяди ва тегишли даволаниш йўлларини белгилайди. Ҳеч қандай ҳолатда ўз-ўзини даволаш усулларини қўллаш керак эмас! Поллиноз ташхиси қўйилганда, ўсимликларнинг гуллаши пайтида беморнинг гулчанглар билан алоқасини максимал даражада чеклашга қаратилган бартараф қилувчи чора-тадбирларга риоя қилиш керак, айниқса:
- Хонани фақатгина ёмғирдан кейин, кечқурун ва шамол эсмаётган пайтда шамоллатинг. Иложи бўлса, эрта тонгда кўчага чиқмасликка ҳаракат қилинг, нарсаларни ювгандан кейин уларни ташқарида (балконда) қуритманг, чунки улар устига гулчанглар ўрнашади. Уйда ҳар куни намлантирувчи тозалов ишларини ўтказинг.
- Ташқарига чиққанда кўз шиллиқ қаватига тўғридан-тўғри гулчанг тушишидан ҳимояланиш учун албатта кўзойнак тақинг.
- Турли ўтлар билан даволанишдан ва умуман олганда, экстрактлар ёки ўсимлик компонентларини ўз ичига олган барча нарсалар (шампунлар, кремлар) ва дори дармонлардан ҳам эҳтиёт бўлинг.
- Парҳез сақланг! Поллинозга чалинган ўн кишидан тўққизтаси маълум бир озиқ-овқат турларига нисбатан аллергияга эга. Бу кесишувчи аллергия пайдо бўлиши билан боғлиқ.
- Май ойида, дарахтлар гуллаган пайтда ёнғоқ (айниқса фундук), асал, сабзи, помидорлардан воз кечишга ҳаракат қилинг ва коньяк ичманг (чунки уни эманли идишларда сақлашади).
- Июн-июл ойларида бошоқли ва яйлов ўтлари гуллаган пайтда рациондан бўтқа (гречкали бўтқа бундан мустасно), нон, асални чиқариб ташлаш, буғдойли ароқни ичмаслик керак.
- Қуруқ, иссиқ кунларда, ҳавода гулчанглар миқдори кўпайган вақтда, кўчадан қайтгандан кейин кийимларни бутунлай алмаштириш тавсия этилади.
- Кунига камида икки марта ва кўчадан қайтгандан сўнг дарҳол ювиниш керак.
- Ҳар куни бурун бўшлиғини ювиб тозаланг, натрий хлориднинг шўр эритмаси (бир стакан илиқ қайнатилган сувга 1/3 чой қошиқ ош тузи солиб тайёрланади) билан кўзингизни чайинг ва томоғингизни ғарғара қилинг.
- Нарсаларни ювгандан кейин уларни ташқарида қуритманг.
- Август-сентябрь ойларида кунгабоқар ва ундан тайёрланган маҳсулотлар, шунингдек, асал истеъмол қилишдан бош тортиш керак.
- Агар инсон ёз фасли иссиқ ўтадиган саноат шаҳрида яшаса, у ҳолда энг яхши иш ўсимликларнинг гуллаш даврида шаҳардан экологик тоза ҳудудга кетишдир.