Аллергияга чалинган инсонлар учун энг безовта вақт баҳор фасли эканлиги қабул қилинган. Аммо сўнгги тадқиқотлар ҳатто куз ва қишда ҳам аллергияга эътиборсиз бўлиб қолмаслик кераклигини кўрсатди. Чанг ва уй ҳайвонларининг юнгларига нисбатан аллергия айнан шу даврда, деразалар деярли очилмайдиган ва хонани яхши шамоллатиш имконияти камроқ бўлганда фаоллашади.
Ушбу турдаги аллергиянинг пайдо бўлиш сабаблари?
Чанг ва турли юнглар таъсиридаги аллергия пайтида организм тирнаш хусусиятини берувчи моддаларга эмас, балки уларда яшовчи микроорганизмларга нисбатан реакцияга киришади. Биз чанг деб атайдиган нарса турли микроскопик зарралар аралашмасидир. Унда инсон эпителийсининг энг кичик бўлаклари, уй ҳайвонлари юнглари, озиқ-овқат бўлаклари, гулчанглар, кийим-кечаклардаги тўқимачилик толалари, кемирувчилар ва ҳашаротларнинг ахлатлари, моғор ва хамиртуруш споралари, бактериялар ва ҳатто тирик мавжудотлар яъни микроскопик чанг ҳашаротлари бўлиши мумкин. Уларнинг ҳажми атиги 100 дан 300 микронгача бўлади. Сапрофит (микроорганизм)лар ўлик тери парчалари билан озиқланади. Инсондан йилига тахминан 2 кг миқдорда бундай тери парчаларни ажралгани учун, бизнинг хонадонларимизда бундай микроскопик ҳашаротлар жуда яхши ҳолатда яшайди. Зарарли зарраларни тўплайдиган ҳар қандай нарсалар (гиламлар, ёстиқлар, адёллар, матраслар, кўп асрлик тўпланган асарлар билан тўлган китоб жавонлари) аллергия аломатларини келтириб чиқариши мумкин.
Чанг ва турли юнглар таъсиридаги аллергиянинг қандай белгилари мавжуд?
Унинг белгилари қуйидагича:
- Бурун битиши, тез-тез акса уриш, тумов;
- Кўзларнинг қичиши, қизариши ва ёшланиши;
- Нафас қисиши, нафас олишдаги қийинчилик ва бўғилиш;
- Ўпкадаги ҳуштаксимон хириллашлар, йўталишга бўлган уринишлар.
Агар одамда ушбу турдаги аллергиянинг белгилари намоён бўлса, қандай йўл тутиш керак?
Бу саволнинг аниқ ечими бор – албатта, шифокорга мурожаат қилиш керак. Фақат шифокор керакли текширувни тайинлайди, тўғри ташхис қўяди ва тегишли даволаниш йўлларини белгилайди. Ҳеч қандай ҳолатда ўз-ўзини даволаш усулларини қўллаш керак эмас! Чанг ва турли юнглар таъсиридаги аллергия нафақат тананинг инжиқлиги, балки ҳар қандай касаллик каби даволанишни талаб қиладиган жиддий касалликдир. Ва ундан бир марта ва умуман қутулиш мумкин бўлмаса-да, лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам унинг аломатларини йўқ қилиш ва вазиятни енгиллаштириш мумкин.
Чанг ва турли юнглар таъсирида аллергия юзага келганда вазиятни енгиллаштириш учун тавсиялар:
- Ҳатто қишда ҳам хонани иложи борича тез-тез шамоллатиб туриш зарур;
- Хонада иложи борича тез-тез намлантирувчи тозалик ишларини ўтказиш керак;
- Агар организм айнан уй ҳайвонларига нисбатан ноадекват реакция билдирса, улар билан тўғридан-тўғри алоқага киришишдан сақланиш лозим;
- Уй ичидан чанг тўплайдиган барча нарсалар: гиламлар, очиқ шкафлар ва жавонларни олиб ташлаш тавсия этилади;
- Китоблар сақланадиган шкафнинг эшиклари албатта ойнали бўлиши керак;
- Деразаларга пахта ёки синтетика енгил пардалар илиб қўйган маъқул, лекин ҳеч қандай ҳолатда жалюзи илиш мумкин эмас. Чунки, улар ўзида чанг йиғувчи универсал восита ҳисобланади;
- Аллергияга чалинган беморлар яшайдиган хонада чекиш қатъиян ман этилади, чунки тамаки тутуни ўз-ўзидан кучли тирнаш хусусиятини берувчи восита ҳисобланади;
- Уй ичидаги турли ўсимликлар моғор пайдо бўлишига ва уйда чанг юзага келишига ҳисса қўшиши мумкин, шунинг учун уларни олиб ташлаш ёки ҳар доим тоза сақлаш керак.